1 майдан хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар ўз фаолиятини бошлади ва шу куни янги ташкил этилган хусусий нотариус томонидан биринчи нотариал ҳаракат амалга оширилди, дея хабар қилди Адлия вазирлиги.

Мазкур нотариал ҳаракат Фарғона вилоят Қўқон шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Фазлиддин Хожиматов томонидан амалга оширилди. У фуқарога нафақа олиш учун ишончномани расмийлаштириб берди.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2019 йил сентябрдаги нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш тўғрисидаги фармонида 1 январдан хусусий нотариал идоралар ташкил этилиши кўзда тутилган эди.

Хусусий нотариал амалиёт биринчи президент Ислом Каримовнинг 2010 йил майдаги фармони билан тақиқланган эди. Бунга нотариуслар фаолиятидаги қонунбузарликлар ва суиистеъмолчиликлар сабаб қилиб келтирилган.

Эндиликда нотариус хизматлари ҳафтанинг барча кунларида кўрсатилиши мумкин, бу нотариал идораларда навбатлар муаммосига барҳам бериши керак.

Адлия вазирлигининг қайд этишича, 20 апрель куни хусусий нотариал фаолият олиб бориш ҳуқуқи учун биринчи электрон лицензия берилди.

Юқорида тилга олинган фармонда бир қатор янги нотариал ҳаракатлар жорий этилиб, айрим шартномаларни расмийлаштириш соддалаштирилган (батафсил).