TBC Uzbekistan — TBC PLC банклар гуруҳининг шўъба компанияси — ўз фаолиятини июнь ойидан бошлашни режалаштирмоқда, дея хабар берди банк матбуот хизмати «Газета.uz»га.

TBC PLC гуруҳи банкнинг устав капиталига 12,6 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритди ва 2020 йил охирига қадар қўшимча 9,4 миллион доллар миқдорида инвестиция киритишни режалаштирмоқда. Потенциал янги акциядорлар, шу жумладан Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси ва Ўзбекистон-Уммон инвестиция компанияси ички келишувлар натижаларидан келиб чиқиб, иштирок этишга қизиқиш билдирди. TBC PLC 51 фоизлик мажоритар улушга эга бўлган акциядор бўлиб қолади.

Банкни бошқариш Сандро Ртвеладзе зиммасига юклатилади. У бош ижро этувчи директор лавозимда ишлайди. Бундан аввал Ртвеладзе Bayport Financial Services ва Грузиядаги Liberty Bank бош директор ўринбосари сифатида фаолият юритган.

«Айни дамдаги вазият ва Covid-19 таъсирини эътиборга олган ҳолда, банк ўз бизнес-моделини қўшимча муқобиллаштирди: активлар билан ишлашни енгиллаштириш ва иқтисодий фойда келтирувчи амалиётларни жорий этишдир. Шунингдек, жисмоний филиалларнинг режалаштирилган сони қисқартирилади», дейилади банк хабарида.

Банк ўз фаолиятини бошлаш босқичида амалдаги ҳисоблар ва омонат ҳисоблари, нақд пул кўринишидаги кредитлар, иш ҳақи гаров кредитлари, автокредитлар ва бошқа хизматларни таклиф қилади.

Шунингдек, ТВСга тегишли Payme компанияси банкдан алоҳида ишини давом эттиради. Аммо бу икки компания яқин ҳамкорликда ишини давом эттириши маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Payme акцияларининг 51 фоизини сотиб олган Грузиянинг TBC Bank банки Ўзбекистонда тижорат банк ташкил этишга доир рухсатномага эга бўлгани ҳақида хабар берилган эди.