Ўзбекистонда икки кун давомида касалликдан тузалганлар сони янги коронавирус ҳолатларидан кўпроқ бўлмоқда.

21 апрель куни Ўзбекистонда 51 та янги коронавирус билан зарарланиш ҳолатлари қайд этилиб, 96 киши соғайган эди. 22 апрель куни ҳам ушбу тенденция давом этиб, бир сутка давомида 38 та янги коронавирус ҳолатлари аниқланган бўлса, 93 нафар бемор ушбу вирусдан тузалди. Икки кун давомида деярли 200 нафар бемор тузалган.

Кўриниб турибдики, биринчи коронавирус ҳолати қайд этилгандан буён илк маротаба икки кун давомида касалликдан тузалганлар сони уни юқтириб олганлардан кўпроқ бўлмоқда.

Натижада 15 мартдан бошлаб 20 апрелга қадар умумий коронавирусдан даволанаётган беморлар сони кундан-кунга фақат ошиб борган бўлса, 21−22 апрель кунлари тегишли тиббиёт муассаларида даволанаётган беморлар сони олдинги кунларга нисбатан қисқарган.

Жумладан, 19 апрель 1340 нафар бемор ва 20 апрель куни 1366 нафар бемор тиббиёт муассасаларида даволанаётган эди. 21 апрель кун якунига келиб даволанаётган беморлар сони 1321 нафарга етган бўлса, 22 апрель кунги маълумотларга кўра тиббиёт муассасаларида 1266 нафар бемор даволанмоқда.