Ўзбекистонда биринчи COVID-19 бемори қайд этилган кундан бошлаб илк бор касалликдан тузалганлар сони янги коронавирус ҳолатларидан кўпроқ бўлди.

21 апрель куни Ўзбекистонда 51 та янги коронавирус билан зарарланиш ҳолатлари қайд этилди. Бундан ташқари, бир нафар коронавирус бемори юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди.

Ушбу кун мобайнида касалликдан 96 киши тўлиқ соғайиб, умумий тузалган беморлар сони 357 кишига етди.

Шундай қилиб, 15 мартдан бошлаб 20 апрелга қадар умумий коронавирусдан даволанаётган беморлар сони кундан-кунга фақат ошиб борган бўлса, 21 апрель куни ҳолатига кўра тегишли тиббиёт муассаларида даволанаётган беморлар сони олдинги кунларга нисбатан қисқарди.

20 апрель куни 1366 бемор шифохоналарда даволанаётган бўлса, 21 апрель кун якунига келиб даволанаётган беморлар сони 1321 нафарга тенг бўлди. 19 апрелда эса 1340 нафар бемор тиббиёт муассасаларида даволанаётган эди.