Ўзбекистон бўйлаб якка тартибдаги 247 286 нафар тадбиркорларнинг 80 фоизи (198 969) ўз фаолиятини тўхтатган. Шуларда 95 144 нафари карантин вақтида ўз фаолиятини тўхтатган. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, мамлакатда карантин тадбирлари 10 майга қадар узайтирилди. ДСҚ ушбу вазиятда миллий хавфсизликни таъминлашдан кейинги ўринда иқтисодий масалалар туришини айтган.

Солиқ тўловчилар учун қатор енгилликлар берилган: айрим солиқларни тўлаш муддати узайтирилган, солиқ ставкалари камайтирилган, жарималарни ҳисоблаш тўхтатилган.

Коронавирус инфекцияси оқибатларини юмшатиш доирасида карантин давомида ЯТТлар ижтимоий солиқдан озод этилган. Бунинг учун тадбиркорлар солиқ органларига вақтинчалик фаолиятини тўхтатганлик тўғрисида маълумот бериши керак.

ДСҚ барча ЯТТларга уйдан туриб тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиш бўйича жараённи my.soliq.uz портали орқали ўтказишни тавсия бермоқда. Бунда рўйхатда туриш бўйича гувоҳномани топшириш талаб этилмайди.

Солиқ тўловчилар «Карантин вақтида солиқларни тўхтатиб туриш тўғрисида» интерактив хизматидан фойдаланишлари мумкин.

Апрель ойида ушбу хизматдан 2400 нафар солиқ тўловчи фойдаланган: Самарқанд вилоятидан 1 283 нафар, Тошкент шаҳридан 542 нафар, Тошкент вилоятидан 125 нафар, Сирдарё вилоятидан 89 нафар, Қашқадарё вилоятидан 80 нафар якка тадбиркорлар шундай мурожаатларни юборишган. Улар 1,1 млрд сўм миқдоридаги даромад учун белгиланган солиқ ва ижтимоий солиқдан озод қилинди.

21 апрель 17:06да аниқлик киритилди: Давлат солиқ қўмитаси карантин вақтида фаолиятини тўхтатган ЯТТлар сонини янгилади.