Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов регулятор хорижий валютани сотиб олиш ва сотишда ҳеч қандай чекловлар ўрнатмаганини яна бир бор таъкидлади. Бу ҳақда у 19 апрель куни davletovuz Telegram-канали муаллифи Қобил Хидировга берган интервьюсида тўхталиб ўтди.

У 2018 йилда валюта либераллаштирилмасидан аввал ҳар бир фуқаро бир чоракда 2000 долларгача сотиб олиш, чет элда кунига 100 доллардан кўп бўлмаган пулни ечиб олиш имкониятига эга бўлганини эслатиб ўтди.

«Марказий банк валютани тартибга солувчи орган сифатида бирор бир чеклов қўймаган. Ҳозирги кунда ҳар бир тижорат банки эрталаб, масалан, 10 мингми, 20 мингми, 100 та шохобчасига сотиш учун олиб бориб беради. Лекин улар қанча одам келишини билмайди. Худди ўшани (етказиб туриш учун), кейинги олиб бергунга қадар маълум бир (чекловларни) белгилаши мумкин — соатига 200 доллар, 500 доллар қилиб. Лекин бу тижорат банкларининг ўз ишларини тўғри ташкил қилмаганлари оқибатида. Масалан, кассир, одам кўпайди, пул қолдиғи камаймоқда. У оператив равишда телефон қилиб, бош банкидан қўшимча валюта олиб келтириши керак. Буни ҳар бир банк (чекловларни) ўзи белгилаган бўлиши мумкин… Лекин валютани тартибга солувчи орган томонидан бу нарса белгилангани йўқ ва бу белгиланмайди ҳам», — дея ойдинлик киритди у.

Марказий банк раиси охирги уч ойда аҳоли банкларга сотган валютаси сотиб олган валютасидан жуда кўп бўлганини қайд этиб ўтди.

«Банкларда қарийб 600 млн долларлик валюта захираси пайдо бўлди. Аҳоли сотиши кўп бўлган давр — мартнинг иккинчи ярми ва ҳозирги апрель. Ўша валюта захираси бугунги кунда ҳам (18 апрель ҳолатида) тижорат банкларида 311 млн долларни ташкил этмоқда. Агар буни кунлик 20 млн доллар сотиш билан ўлчайдиган бўлсак ҳам, менинг ҳисобларимга кўра, 15 кунга бемалол етади. Бундан ташқари, биз кутган пул ўтказмаларида ҳам маълум ижобий силжишлар бўляпти», — деди у.

МБ раисининг қайд этишича, пул ўтказмалари март ойининг иккинчи ярмида қарийб 2 баробар тушиб кетган бўлса, ҳозирда ўсиш кузатилмоқда. Шунингдек, валюта позицияси (банкларнинг хорижий валютага талаб ва мажбурятлари нисбати) долларда 10 фоиз, бошқа валюталарда эса 15 фоизни ташкил этмоқда.

«Яъни, банкнинг талаблари ва мажбуриятлари 10−15 фоиз атрофида бўлиши мумкин. Агар кўрсаткич 0 гача тушиб, минусга қараб кеса, у ҳолда банк бизга мурожаат қилади ва валютани биржадан сотиб олади. Бу одатий амалиёт. Тан оламан, апрель ойигача банклар биз билан боғланмади, чунки улар сотиб олган валюта сотиш учун етарли эди», — дея тушунтирди Мамаризо Нурмуродов.