АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистонга қиймати қарийб 400 минг долларлик 131,3 тонналик озиқ-овқатни етказиб берди, дея хабар қилди Американинг Тошкентдаги элчихонаси «Газета.uz»га.

«Витамин ва минераллар билан бойитилиб қуритилган сабзавотлар ва дуккакли маҳсулотлардан иборат мазкур ёрдам соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя объектлари ҳамда уй хўжаликларида қўлланади», — дея қайд этди элчихона.

Ёрдам республиканинг 35 минг нафардан ортиқ эҳтиёжманд фуқароларини қамраб олиб, 144 дан ортиқ соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя муассасалари орқали тарқатилади.

Ушбу рўйхатга COVID-19 билан боғлиқ карантин хизматлари ҳамда сил беморларига узоқ муддатли ёрдам кўрсатаётган муассасалар, шунингдек, меҳрибонлик уйлари ва руҳий касалликлар шифохоналари киритилади.

Мазкур кўмак «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси ва Американинг Resource and Policy Exchange, Inc. (RPX) нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда тарқатилади. RPXнинг асосий мақсади озиқ-овқат ва дори-дармонлар шаклидаги техник ва номоддий ёрдам кўрсатиш орқали соғлиқни сақлаш стандартлари ва ахборот олиш имкониятларини яхшилашдан иборат, дейилади хабарда.