ИИВ томонидан 10 апрель куни эълон қилинган «Вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги президент қарори лойиҳаси қайта кўриб чиқилади. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар берди.

Ушбу қарор лойиҳасида Ёшлар иттифоқи аъзолари, Тошкент ахборот технологиялари университети талабалари ва кўнгилли ёшлар иштирокида ватанпарвар блогерлар виртуал гуруҳини ташкил этиш таклиф қилинган эди.

Ушбу масала юзасидан «Газета.uz» Ёшлар иттифоқи раиси Алишер Саъдуллаев билан боғланганида, у ушбу лойиҳа иттифоқ томонидан расман рад этилганини билдирди.

Кейинроқ ижтимоий тармоқларда танқидий муҳокамаларга сабаб бўлган ушбу қарор лойиҳаси юзасидан Ёшлар иттифоқи расмий баёнот берди.

«Мазкур ҳужжатга Ёшлар иттифоқи алоқадор эмас. Уни ўрганиш учун ташкилотимизга юборилганида, айнан шу пунктдаги таклифга ўз муносабатимизни билдириб кескин қаршилигимизни баён қилган эдик», — дея изоҳ берди иттифоқ ахборот хизмати раҳбари Нодир Абдуқодиров.

ИИВ «қарор лойиҳаси юзасидан танқидий ҳамда самарали фикрларини қолдираётган» фуқароларга миннатдорчилик билдирди. Мазкур таклиф ва тавсиялар асосида ҳужжат лойиҳаси ўрнатилган тартибда қайта кўриб чиқилиши ва келишиш учун мутасадди идораларга киритилиши баён қилинган.