Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи аъзолари, Тошкент ахборот технологиялари университети талабалари ва кўнгилли ёшлар иштирокида ватанпарвар блогерлар виртуал гуруҳини ташкил этиш мўлжалланмоқда. Ушбу таклиф Ички ишлар вазирлиги томонидан муҳокама учун жойлаштирилган президент қарори лойиҳасида билдирилган.

Ушбу гуруҳ ёрдамида ижтимоий тармоқлардаги салбий фикрларни аниқлаш ҳамда тармоқ фойдаланувчиларини уларнинг таъсир доирасига тушиб қолишларининг олдини олиш мақсадида билдирилаётган салбий фикрларга муросасизлик муҳитини яратиш режалаштирилган.

«Газета.uz» ушбу масала бўйича Ёшлар иттифоқи раиси Алишер Саъдуллаев билан боғланди. Унинг маълум қилишича ушбу лойиҳани ишлаб чиқишга Ёшлар иттифоқининг мутлақо алоқаси йўқ. Иттифоқ ушбу бандни расман рад этган.

Лойиҳада айтилишича, ушбу чоралар «таълим муассасаси — оила — маҳалла» ҳамкорлик тизими асосида таълим олувчиларнинг ғайриижтимоий ва ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил хулқ-атворини бартараф этишга хизмат қилади.

Шунингдек, қарор лойиҳасида олий таълим муассасаларида вояга етмаганлар ва ёшлар билан ишлаш бўйича инспектор лавозимини жорий этиш кўзда тутилган.

ОТМлардаги вояга етмаганлар ва ёшлар билан ишлаш бўйича инспектор лавозими олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан жорий этилади. Улар тегишли ОТМ билан бир вақтда, ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларига ҳам ҳисобдор бўлишади.

Бундан ташқари, 1 июлдан бошлаб юридик шахс ташкил этмаган ҳолда ИИВ ҳузурида Вояга етмаганлар ва ёшлар билан ишлаш тизимини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиши кутилмоқда.

Жамғарма маблағлари ички ишлар органлари вояга етмаганлар ва ёшлар билан ишлаш бўлинмаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда ходимларини рағбатлантириш, уларнинг касбий тайёргарлигини ошириш, хорижий тажрибани ўрганиш ва бошқа мақсадларда ишлатилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича республика идоралараро комиссияси ва тегишинча ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар ташкил этилади.

Бандлиги таъминланмаган ёшларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларни ва чет тилларини ўргатиш ишлари ташкил этилади. Ушбу тизимлар давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилиши кўзда тутилган. Бандлиги таъминланмаган ёшларни ҳақ тўланадиган ишларга, шу жумладан мавсумий ишларга уюшган ҳолда жалб қилиш ҳам режалаштирилган.