Учқудуқ туманидаги конлардан бирида олтин зарралари бўлган тошларни қазиб чиқараётган 26 нафар шофирконликка жарима ва маъмурий қамоқ жазолари тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов «Газета.uz»га хабар қилди.

Ушбу фуқароларнинг 6 апрель куни ниқобсиз ҳолда карантин туфайли белгиланган мажбурий қоидаларини бузишгани ҳамда тегишли рухсатномасиз Учқудуқ туманидаги қўриқланмайдиган конлардан таркибида олтин зарраси бўлган тошларни қазиб чиқараётгани аниқланди.

Шунингдек, улар қочиш ҳақида бир-бирига айтиб, ички ишлар органлари ходимларининг талабларига бўйсунмасдан воқеа жойидан яширинишга ҳаракат қилишган.

Суд берилган кўрсатмалар, ашёвий даллилар ҳамда иш бўйича тўпланган бошқа ҳужжатларга асосланиб, фуқароларни айбдор деб топди.