Ўзбекистонга қайтишни истамаган шахс фуқаролигидан маҳрум қилиниши ҳақидаги хабарлар Ташқи ишлар вазирлиги томонидан рад этилди.

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон президенти 10 апрелга қадар мамлакат фуқароларини қайтариш тўғрисида фармон имзолагани, қайтишни истамаганлар Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилиниши ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Ташқи ишлар вазирлиги ушбу хабар юзасидан чет элдаги дипломатик ваколатхоналарга ва вазирликка кўплаб мурожаатлар келиб тушганини маълум қилди.

Вазирлик ушбу хабар ҳеч қайси расмий манбаларда эълон қилинмаганлиги боис ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлади. Барча муҳим қарорлар расмий ахборот ресурслари орқали етказилиши эслатиб ўтилди.

Шунингдек, фуқаролардан асоссиз хабарларни тарқатмаслик, ижтимоий тармоқлардаги бирор маълумотни бўлишишдан олдин уни расмий манбалар орқали текшириб кўриш сўралган.