Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати мажбурий «ўзини яккалаш» тартиби давомида фуқаролар томонидан берилаётган энг кўп саволларга жавоб берди.

Нега ички ЙПХ постлари ташкил этилган?

Мажбурий ўзини яккалаш тартиби бузилишини олдини олиш учун. Яъни, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва бошқа идоралар ходимлари фуқаролар, айниқса 65 ёшдан ошганлар, яшаш жойларини (уй, хонадон) пиёда, велосипед ёки скутерда фақатгина қуйидаги икки сабабга кўра тарк этишларини назорат қилишади: меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун, озиқ-овқат ва дорилар харид қилиш учун.

Фото: Никита Макаренко

Ходимлар фуқаро қанча вақтга чиқаётганлигини қандай аниқлашади?

Уйдан чиқиш мақсади ҳақида савол берилади. Ишга йўл олаётганлар иш жойидан маълумотнома (тасдиқловчи ҳужжат) тақдим этишлари лозим. Озиқ-овқат ёки дори-дармон маҳсулотларини хари қилиш учун чиққанлар барча керакли нарсаларни уйларига энг яқин бўлган дўкон ва дорихоналардан харид қилиб, уйларига қайтишлари керак.


Агар бирор шахс узрли сабабни айтиб ходимларни алдаса ва кўчаларда сайр қилиб юрса, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54 моддасига («Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш») мувофиқ чора кўрилади. Велосипедлар (мотоскутерлар, самокатлар ва ҳоказо) бундай ҳолларда вақтинча олиб қўйилади.

Кекса ёшдаги ота-онамнинг (бошқа қариндошларим, танишларимнинг) озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотларига эҳтиёжлари туғилса ва мендан бошқа зарур нарсаларни етказиб берадиган одам бўлмаса нима қилиш зарур?

Ҳомийлик фаолиятини мувофиқлаштириш марказига қўнғироқ қилиш керак: 11−97, 90−900−63−46, 71−210−01−15. Қўнғироқлар фақат соат 09.00 дан 17.00 гача қабул қилинади. Олдиндан қуйидаги маълумотларни тайёрлаб қўйинг: ёрдамга муҳтож кишининг паспорт рақами ва серияси, истиқомат қиладиган маҳалласининг номи.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари фуқароларни тўхтатиш, уларга юқоридаги саволларни бериш, ҳаракатланишини кузатиш, велосипедлар (мотоскутерлар, самокатлар ва ҳоказоларни) олиб қўйиш ҳуқуқига эгами?

«Ҳа, бундай ҳуқуққа эгалар. Ҳозирги вақтда қоидаларни эпидемиологик ҳолат белгилайди. Ҳозир „ҳуқуқларни ҳимоя қилиш“ мавриди эмас. Ҳеч кимга осон эмас. Ҳолатга мулоҳаза билан, ақлни ишга солиб ёндашиш керак. Гап ҳамюртларимизнинг ҳаёти ва саломатлиги ҳақида кетмоқда», — дейилади ИИББ хабарида.

Уй ҳайвонлари, хусусан итлар эгалари қандай йўл тутмоқлари керак?

Итни фақатгина уй олдида сайр қилдириш мумкин. Сўнг нажосатини пакетга йиғиб, чиқиндилар бакига ташлаб, уйга қайтиш зарур. «Агар сиз итингиз билан қўшни кварталда ёки бошқа маҳаллада юрганингиз аниқланса — сизга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилади», — дейилади ИИББ баёнотида.

ИИББ фуқароларни бировларнинг ҳаёти ва саломатлиги учун масъулиятли бўлишга чақирган. «Коронавирус пандемиясини енгишда ва кўп сонли ўлимларни олдини олишда бизга фақатгина интизом ёрдам беради, зеро касаллик кенг тарқалган бошқа мамлакатларга айнан шундай тартиб ёрдам берган», — дейилади хабар якунида.