Тошкентда мажбурий тарзда ўзини яккалаш тартибига риоя қилинишини назорат қилувчи доимий йўл-патруль постлари ташкил этилди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар қилди.

Эслатиб ўтамиз, Коронавирусга қарши кураш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарорига биноан, 6 апрелдан Тошкент ва Нукус шаҳри ҳамда вилоят марказларида жорий этилган ўзини яккалаш тартиби мажбурий бўлган эди.

Пойтахтда жами 61та доимий пост ташкил этилган бўлиб, 42та постда патруль-пост хизмати махсус автобуслари мавжуд, қолган постлар ППХ деб номланган кабиналар билан таъминланган. Бундан ташқари, ҳар бир автотранспорт воситаси Кичик халқа йўли бўйлаб доимий ЙПХ постидан ўтиши учун карантин режимига қатъий риоя қилинишини таъминлаш мақсадида 75 та иккинчи даражали йўллар ёпилди.

Ушбу постларда Тошкент ИИББ билан бирга Миллий гвардия ҳамда Мудофаа вазирлигининг ҳарбий хизматчилари ҳам бирга хизмат олиб боришмоқда.