7 апрель куни Олий Мажлиснинг 82 нафар депутати Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-модда 5-қўшимчаси биринчи ва учинчи қисмларига ўзгартириш киритиш ташаббусини қабул қилмади. Таклифлар ИИВ томонидан киритилган эди. Бу ҳақда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров ўзининг телеграм саҳифасида хабар берди.

Хабарга кўра, 82 нафар Олий Мажлис депутати тезкор ва махсус транспорт воситаларининг тўсиқсиз ўтиб кетишига халақит берилган ҳолатлардаги жарималарни ошириш таклифига қарши чиқиб, ушбу ўзгартиришларни қабул қилмади.

Депутатлар томонидан қуйидаги таклифлар берилган:

  • 17-моддасига 1 қўшимча киритилиб, тезкор ва махсус транспорт воситаларига тўсиқсиз ўтиб кетишини таъминлаш мақсадида йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳайдовчига жарима қўлланилмайди;
  • 128 модданинг 5 қўшимчаси 1 қисмида таклиф қилинган тезкор ва махсус транспорт воситаларига тўсиқсиз ўтиб кетишига ҳалақит берган ҳайдовчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари миқдоридаги жарима қўллаш ташаббуси рад этилди.

Олдинроқ Алишер Қодиров халқаро тажрибага асосланиб бундай транспортлар учун йўлларнинг махсус қисмлари бўлиши кераклигини таъкидлаб ўтган эди.