Ички ишлар вазирлиги тезкор ва махсус транспорт воситаларининг тўсиқсиз ўтиб кетишига ҳалақит берилган ҳолатлардаги жарималарни оширишни таклиф қилган. Олий Мажлис депутати ва «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодировнинг ўз телеграм каналида маълум қилди.

Маълумотга айтилишича, ИИВ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-модда 5-қўшимчасининг биринчи ва учинчи қисмига ўзгартириш киритишни таклиф этган. Унга кўра, биринчи қисмда тезкор ва махсус хизмат транспорт воситаларини тўсиқсиз ўтиб кетишига халақит қилинса жариманинг амалдаги 5 баробар базавий ҳисоблаш миқдорини 10 баробаргача кўтариш, учинчи қисмда, шу ҳолат такроран содир этилса амалдаги 20 базавий ҳисоблаш миқдорини 25 баробарга кўтариш таклиф қилинмоқда.

Тезкор ва махсус хизмат транспорт воситаларига тез ёрдам, ўт ўчириш, хуқуқбузарликни бартараф этиш мақсадида ҳаракатланаётган транспортлар киради. Депутат халқаро тажрибага кўра бундай транспортлар учун йўлларнинг махсус қисмлари бўлиши кераклигини таъкидлаган.

«Ички ишлар вазирлиги жарималарни ошираверишдан кўра ҳукуматга автойўлларни замонавий талабларга мослаштириш бўйича ташаббус берса маъқулроқ бўлар эди. Ўзбекистон „Миллий тикланиш“ демократик партияси Қонунчилик палатасига киритилаётган ушбу таклифни рад этишга тайёргарлик кўрмоқда» дея фикрини якунлаган Алишер Қодиров.