Прописка тизимини ислоҳ қилишга доир Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳамда Вазирлар маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳалар юзасидан муҳокамалар «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан эълон қилинди.

Лойиҳаларга кўра, «прописка» тушунчаси ўрнига халқаро тажрибага асосланган ҳолда «рўйхатдан ўтказиш» тушунчаси киритилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Тошкент шаҳри ва вилоятида кўчмас мулкни олишда ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш ҳамда янги қурилган уйларнинг олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкасини тўлаш ҳақидаги талаблар бекор қилинади.

Фуқароларнинг биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини нафақат ўзи доимий рўйхатда бўлган манзилга, балки эгалигидаги бошқа уй-жойга ҳам доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи берилади. Оила кодексининг 57-моддасига кўра, болалар ота-онасига нисбатан тўғри шажарадаги биринчи, невара бобосига, бувисига нисбатан — иккинчи даражадаги қариндош ҳисобланади ва ҳоказо.

Бошқа ҳудудларда доимий рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Тошкент шаҳри ва вилоятида уйни умумий мулк ҳуқуқи асосида олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя, рента, умрбод таъминлаш шарти билан бошқа шахсга бериш, гаровга (ипотекага) қўйиш, кўчмас мулкдан воз кечиш ва кўчмас мулкни ўзгага беришнинг бошқа усулларига оид битимларни нотариал тасдиқлашда ҳам ижтимоий норма тўғрисидаги қоидалар инобатга олиниши лозимлиги белгиланмоқда.

Доимий прописка учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидаларни қонунчиликдан чиқариб ташлаш режалаштирилмоқда. Бу чора «сохта» никоҳларнинг олдини олишда қўл келиши айтилган.

Илгари Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатга эга бўлган фуқаролар қайтиб келганда, улар ушбу ҳудудларда ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши мумкин бўлади.

Вакиллик органларига сайланган, тегишли давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва республика аҳамиятидаги бошқа давлат ташкилотларига тайинланган ходимлар учун доимий рўйхат бўйича лавозимни эгаллаб туриш даврига оид чеклов олиб ташланади.

Бундан ташқари, оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга туриш имкониятига эга бўлади.

Вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш муддати уй-жой эгасининг розилиги асосида 1 йилдан 5 йилгача узайтирилмоқда.

Айни вақтда, фуқароларни Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан, яшаш муддати 10 кундан 15 кунга ўзгартирилади.

Доимий ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш фуқаронинг хоҳишига кўра ички ишлар органлари, давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади ҳамда унинг муддати 3 кундан 1 кунга қисқартирилади.

Олдинроқ хабар берганимиздек, паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига штамп босиш амалиётидан воз кечиш, ҳарбий ҳисоб учун мудофаа бўлимларига бориш тартиби бекор қилиш ҳамда туғилган болага Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органида туғилганлик гувоҳномасини расмийлаштириш вақтида уни отаси ёки онасининг доимий рўйхат манзили бўйича идоралараро автоматлашган тизим орқали доимий рўйхатга олиш тартиблари киритилиши режалаштирилмоқда.

Ушбу лойиҳалар бўйича муҳокамалар 11 апрелга қадар давом этади.