Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий прописка қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан умумҳалқ муҳокамасига қўйилиши кутилмоқда. Бу ҳақда марказ раҳбари Элдор Туляков ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.

Маълум бўлишича, масъул вазирлик ва идоралар томонидан прописка тизимини ислоҳ қилишга доир Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Лойиҳага кўра, доимий рўйхатни расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига штамп босиш амалиётидан воз кечиш ва мазкур жараёнларни рақамлаштириш кўзда тутилмоқда.

Доимий рўйхатга олишни расмийлаштиришда аввалги яшаш жойидан мустақил рўйхатдан чиқиш тартиби, ҳамда ҳарбий хизматга мажбурларнинг доимий рўйхатга туришдан олдин ва кейин ҳарбий ҳисоб учун мудофаа бўлимларига бориш тартиби бекор қилиниб, ушбу жараёнлар идоралараро электрон дастур орқали амалга ошириш таклиф қилинмоқда.

Туғилган болага Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органида туғилганлик гувоҳномасини расмийлаштириш вақтида уни отаси ёки онасининг доимий рўйхат манзили бўйича идоралараро автоматлашган тизим орқали доимий рўйхатга олиш тартиби киритилмоқда.

«Тараққиёт стратегияси» маркази раҳбарининг маълум қилишича, лойиҳаларни тайёрлашда фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари ва хорижий тажриба чуқур ўрганилиб, инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қоидалар ва кафолатларни белгилашга асосий эътибор қаратилган.