Карантин тадбирлари эълон қилинган вақтдан карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ жами — 7 157 та ҳолат аниқланган. Бу ҳақда ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Улар орасида Тошкент шаҳрида 1046 та, Фарғона вилоятида 951 та, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида 700 тадан кўп қоидабузарликлар аниқланган.

6885 та ҳолатда тиббий ниқоб тақмаганлик учун фуқаролар маъмурий жавобгарликка тортилган.185 та ҳолатда санитария ва эпидемиология қоидаларига риоя этмасдан савдо фаолияти давом эттирилган, 106 та ҳолатда карантин ҳудуди ташлаб кетилган.

Қоидабузарликлар орасида маросим ва йиғин ўтказилган ҳолатлар ҳам бор. Иккита ҳолатда ижтимоий тармоқларда ваҳима чақирувчи ёки асоссиз маълумотлар тарқатиш бўйича фуқаролар жавобгарликка тортилган.

Юқоридаги каби ҳолатлар юзасидан ҳуқуқбузар фуқароларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси асосида жарима қўлланган.