Нархлар мўътадиллигини сақлаш мақсадида департаментнинг барча шахсий таркиби сафарбар қилинган. Нархларни асоссиз оширган шахсларга нисбатан жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган чоралар кўрилади, дея маълум қилди Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи Дилшод Раҳимов шанба куни бўлиб ўтган брифингда.

Департамент томонидан тегишли мутасадди идоралар билан ҳамкорликда ижтимоий муҳим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг барқарорлигини таъминлаш, уларга нисбатан ажиотаж талабининг вужудга келишининг олдини олиш борасида кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўриб келинмоқда.

Хусусан, карантин эълон қилинган вазиятда прокуратура, департамент ва солиқ идораларининг республикадаги 215 та деҳқон бозори, 167 та савдо мажмуаси, дорихоналар, улгуржи савдо базалари ва товар-хом ашё биржаларига жами 2604 нафар ходим буйруқ билан бириктирилиб, улар ушбу объектларда кучайтирилган режимда ўз хизмат вазифаларини олиб боришмоқда.

Бозордаги нарх наво ва ассортимент кунлик назоратга олинган. Истеъмол бозорида нархларни асоссиз равишда оширмаслик тўғрисида қарийб 40 мингта тушунтириш тадбирлари ўтказилиб, нархларни оширмаслик тўғрисида 23 мингдан ортиқ тадбиркорлардан кафолат хатлари олинган.

Шунингдек, нархлар мўътадиллигини сақлаш юзасидан республиканинг барча деҳқон бозорларидаги 27 турдаги товарларни сотиш бўйича 15−25 март кунлари савдо ярмаркалари ташкил этилиб, «Даладан дастурхонгача» тамойили асосида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар томонидан реализация қилиниши таъминланди.

Бу, ўз навбатида, аҳолини арзон ва кафолатли равишда озиқ овқат маҳсулотлари билан таъминлашда ўзининг ижобий натижасини берди, дея қайд этди департамент бошлиғи Дилшод Раҳимов

Кам таъминланганларга эса беғараз ёрдам кўрсатилмоқда. Мисол учун, фақатгина ҳисобга олинган кўрсаткичларга кўра, саховатпеша тадбиркорлар томонидан карантин даврида 19 тонна картошка, 14 тонна пиёз, 11 тонна сабзи, 4,5 тонна гуруч, 19 тонна ун, 1,5 тонна шакар, 5 тонна пахта ёғи, 15 минг донадан ортиқ қолипли нон, қарийб 600 минг дона тиббий ниқоб, салкам 8 минг дона тиббий қўлқоп, 3,5 минг донадан кўп антисептик воситалари, 37,5 минг дона совун ва қарийб 14 тонна исириқ беғараз тарқатилди.

Республика ҳудудидаги 376 та ресторан 498 та бар, 1612 та кафе, қарийб 10 мингта ошхона, 1,5 мингта тўйхона, 253 та буюм бозори ва савдо мажмуалари бўйича рейд тадбирлари ўтказилиб, барчасининг фаолияти эпидемиологик вазият барқарорлашгунга қадар тўхтатиб турилиши таъминланмоқда. Ушбу объектларнинг вақтинчалик тўхтатилиши ҳам бозорларда маҳсулотларга бўлган талабнинг пасайишига олиб келди.

Томорқа ер эгалари ва фермерлар билан ҳамкорликда маҳсулотларга талаб ошган ҳолатларда бозорни тўйинтириш, озиқ овқат маҳсулотлари нархини арзонлаштириш мақсадида фақатгина 16−25 март кунлари республика бўйича 5 минг тоннадан ортиқ картошка, 2 минг тоннадан ошиқ пиёз, 1,3 минг тонна сабзи, 114 тонна карам, 150 тонна товуқ гўшти, 422 тонна мол ва қўй гўшти, 2,4 млн дона тухум, 628 тонна гуруч, 3 тонна олма ишлаб чиқарувчилар томонидан махсус расталар орқали тўғридан-тўғри интервенция қилинди (савдога чиқарилди).

Карантин муносабати билан транспорт воситалари ҳаракати чекланган шароитда юк автомашиналари орқали озиқ-овқат маҳсулотларининг тўсқинликларсиз етказиб берилиши таъминланмоқда. Шу мақсадда департамент ва Ички ишлар вазирилиги ҳамкорлигида барча блокпостларда озиқ-овқат маҳсулотларини ташувчи ҳар қандай автотранспорт воситалари учун алоҳида йўлаклар ажратилиб, деҳқон бозорлари ва савдо нуқталарига тўсқинликларсиз бориши таъминланмоқда.

Нархларни асоссиз равишда ошираётган шахсларга кескин чоралар кўрилмоқда. Ўтказилган тезкор тадбирларда 728 та ҳолатда, шундан 102 таси дорихоналарда, жами 2 млрд сўмга яқин маҳсулотларнинг қиммат сотилиши аниқланиб, айбдор шахсларга қонунда белгиланган кескин чоралар кўрилиб, товарларнинг арзон нархларда аҳолига сотилиши таъминланди.

Нархлар мўътадиллигини сақлаш мақсадида департаментнинг барча шахсий таркиби сафарбар қилинган. Нархларни асоссиз оширган шахсларга нисбатан жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган чоралар кўрилади.

Бугунги синов даврида озиқ овқат маҳсулотлари нархи мўътадиллиги таъминланиб, уларга нисбатан сунъий тақчилликни вужудга келтириш ҳолатларига йўл қўймайди. Бундай вазиятда барча фуқаролар ўз эҳтиёжларига яраша маҳсулотларни сотиб олиши ва ортиқча ғамлаб йўқиш кайфиятидан воз кечиш лозим, деб ўйлайман, дея хулоса ясади Дилшод Раҳимов.