Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда пойтахтдаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ) ва Тошкент шаҳар «Ибн Сино» номли 1-сон клиник шифохонаси карантин туфайли ёпилгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

Унда айтилишича, РШТЁИМ бўлимларидан бирининг шифокори ўзида коронавирус инфекциясига шубҳа қилганлиги боис, ўша бўлим эҳтиёт чораси сифатида маълум муддат карантинга олинди.

Аммо ихтисослашган таҳлиллар натижаси шифокорда ушбу инфекция йўқлигини кўрсатгандан кейин марказ бўлимидаги карантин тартиби бекор қилинди. Айни пайтда марказ одатдагидек узлуксиз фаолият кўрсатмоқда.

1-сон шаҳар клиник шифохонасида эса коронавирусга гумон қилиниб, кейинчалик Республика Вирусология илмий текшириш институти клиникасида ушбу ташхис тасдиқланган фуқаро ўзини Туркияда бўлганлигини яшириб, маълум вақт ушбу шифохонада бўлган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бу айни ўша пайтда мазкур шифохонада коронавирус тарқалди, деган якуний хулоса эмас. Фақат Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти талабларига мувофиқ равишда ва қатъий эҳтиёт чораси сифатида ушбу шифохона маълум муддат карантинга олинди. Яқин кунларда даволаш ишлари яна ўз изига туширилади.