Ўзбекистон ва Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) яқин вақтларда мамлакатнинг ушбу ташкилотга аъзо бўлиши бўйича қўшма ишчи гуруҳи йиғилишларини қайтадан бошлайди, деб хабар берди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳ 1998 йилда ташкил этилган эди. Кейинги йилларда ушбу ишчи гуруҳ фақат уч марта учрашди ва 2000 йилларнинг ўрталарида унинг халқаро экспертлар билан учрашувлари тўхтатилган.

17 февраль куни Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ЖСТ бош директори Роберто Азаведо билан учрашди.

«Томонлар Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши доирасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг кун тартибидаги масалаларини, шу жумладан яқин вақтларда Женевада мамлакатимизнинг ушбу ташкилотга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳининг тўртинчи йиғилишини ўтказиш масаласини кўриб чиқдилар», — дейилади хабарда.

ЖСТ бош директори ташкилотнинг республикага аъзо бўлиш жараёнида зарур ҳужжатларни тайёрлаш, ўзбекистонлик эксперт ва мутахассисларнинг мавзули семинар ва курслардаги иштирокини кенгайтириш, шунингдек томонларнинг келишувига биноан ишчи гуруҳ йиғилишларини ўтказишга тайёрлигини билдирди, деб хабар берди ТИВ матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, республиканинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни 2019 йил июль ойида Ўзбекистон ЖСТга ташкилотга аъзо бўлиш учун ташқи савдо режими тўғрисидаги янгиланган меморандумни аризани кўриб чиқишга тақдим этган пайтда бошланган эди.