Дизайнер ва хореограф Нариман Алимжанов (Григорян) ўлимида гумон қилинаётган шахс қамоққа олинди, дея хабар берди Тошкент прокуратураси матбуот хизмати. Қўлга олинганнинг исм-шарифи маълум қилинмади.

Эслатиб ўтамиз, 14 январь куни Тошкентнинг Яшнобод туманида таниқли дизайнер Нариман Григоряннинг жасади ижарада истиқомат қилиб келган хонадоннинг меҳмонхонасида қотиллик аломатлари билан топилган эди.

Бош прокуратуранинг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, дизайнер жасади аниқланган кундан уч кун муқаддам ўлдириб кетилган.

Нариман Григорян — таниқли ўзбек дизайнери, хореографи, «Тодес» гуруҳи биринчи таркибининг собиқ аъзоси, халқаро кўргазмалар, танловлар ва фестиваллар иштирокчиси. 2004−2008 йилларда Ўзбекистон Хореография академиясида таҳсил олган. У Тошкентда Nariman Grigoryan савдо белгиси остидаги мода уйларига эгалик қилган.