Ўзбекистон Бош прокуратураси «Газета.uz»га Тошкентда дизайнер Нариман Григорян ўлими тафсилотларини маълум қилди.

Қайд этилишича, 14 январь куни соат 11:50 ларда Яшнобод тумани ИИО ФМБ навбатчилик қисмига ҳодиса тўғрисида хабар келиб тушган. Унга кўра, Яшнобод тумани, Чигил кўчасида жойлашган хонадоннинг меҳмонхонасидан ушбу хонадонда ижарада истиқомат қилиб келган 1985 йилда туғилган Нариман Григоряннинг мурдаси қотиллик аломатлари билан топилган.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куни Яшнобод туман прокуратураси томонидан ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Нариман Григорян — таниқли ўзбек дизайнери, хореографи, «Тодес» гуруҳи биринчи таркибининг собиқ аъзоси, халқаро кўргазмалар, танловлар ва фестиваллар иштирокчиси. 2004−2008 йилларда Ўзбекистон Хореография академиясида таҳсил олган. У Тошкентда Nariman Grigoryan савдо белгиси остидаги мода уйларига эгалик қилган.