Душанба куни Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев шаҳар маъмурияти раҳбари этиб қайта тасдиқланганидан кейин пойтахт аҳолисига мурожаат қилди, дея хабар беради «Газета.uz» мухбири.

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг таъкидлашича, «президент ва депутатларнинг улкан ишончини ҳисобга олган ҳолда, катта масъулиятни ҳис қилади». Шаҳар ҳокими зиммасига юкланган мажбурият ва вазифаларни тортинмай, «ишонч, шубҳаларсиз ва самимият билан» бажаришга ваъда берди.

«Умид қиламанки, Тошкент ҳокимияти кадрлар етказиб берадиган заводга айланади, биз бунга эришишга ҳаракат қиламиз. Мен коррупция ҳолатларини йўқ қилиш устида иш олиб бораман, адолатли хизмат қиламан, ҳар кунимда, ҳар соатда, ҳар дақиқада одамларнинг фаровон ва рози ҳаёт кечиришлари, уларнинг ижтимоий-сиёсий муаммоларини ҳал этишга эътибор бераман, деб сўз бераман», — деди у.

Ҳоким «Тошкент албатта қўйилган мақсад ва вазифаларга эришади, аммо сабр-тоқат керак», деб таъкидлади.

«Хатолар ҳам, яхши янгиликлар ҳам бўлади. Аммо сабр-тоқат керак. Тошкент аҳолисига айтмоқчиманки, агар улар сабр-тоқат кўрсатиб, бажарилган ишлар натижаларига қараб баҳо беришса, у ҳолда биз топшириқни бажардикми ёки йўқми, деган саволга жавоб олишади. Мен улар бошланган ишларни баҳолаб, фақатгина улар натижалари бўйича хулоса чиқаришларини истардим», — деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Шунингдек, ҳоким Тошкент ҳокими сифатида 20 ой давомида эришган натижалари билан ўртоқлашди.

«Сиёсий тажрибанинг йўқлиги салбий таъсир кўрсатган ҳолатлар бўлди. 20 ой ўтди, мен аллақачон озгина ўрганиб олдим. Менинг хулосам шундан иборатки, биз жуда кўп ишлашимиз керак, ишлашимиз, изланишда бўлишимиз, бир жойда тўхтаб қолмаслигимиз керак. Шунингдек, мен олдимизда жуда кўп иш бор, тасаввур қилиб бўлмас даражада кўп, деган хулосага келдим», — деди у.

Бундан ташқари, ҳоким салбий янгиликлар туфайли ҳосилдорлик пасаяётганини таъкидлади.

«Иш жараёни сизнинг уйингизни тарк этганингиздаги кайфиятингизга боғлиқ. Агар ОАВда фақат салбий нарсалар ёзилса, кайфият ёмонлашади, самарадорлик пасаяди. Ҳамма сизни қўллаб-қувватласа, янада катта муваффақият ва натижаларга эришасиз. Агар одамлар бизнинг ишимизни мақташса, унда биз икки баравар, ҳатто уч баравар куч билан ишлаймиз. Агар кайфият ёмон бўлса, бу иш жараёнига таъсир қилади, самарадорлик пасаяди», — дея хулоса қилди пойтахт маъмурияти раҳбари.

Кенгаш сессиясида бош вазир Абдулла Арипов Жаҳонгир Ортиқхўжаевни «илғор ва замонавий менежер» деб атади. Шунингдек, у Akfa, Artel ва Crafers компанияларининг хориждаги ютуқлари, саноат корхоналарини пойтахтдан ташқарига кўчириш режалари ва бошқа масалалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.