Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Германия ва Россия компанияларини мамлакат аэропортларини ривожлантириш стратегиялари устида ишлашга жалб қилди, дея хабар беради вазирлик матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Airport Research Center (Германия) ва Фуқаро авиацияси инновацион маркази (Россия) мутахассислари аэропорт тармоғини ривожлантириш бўйича қисқа ва узоқ муддатли стратегияларни ишлаб чиқадилар.

Компаниялар, шунингдек, Тошкент аэропортининг йўловчилар терминалини модернизация қилиш бўйича техник-иқтисодий асослар ҳамда мастер режасини тайёрлашда иштирок этади.

Олинган маълумотлар таҳлили натижаларига кўра мутахассислар жараённи оптималлаштириш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, шунингдек, аэропортнинг ўтказиш қобилиятини оширишга йўналтирилган ечимларни амалга ошириш бўйича тавсияларни тақдим этади, дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг «Новапорт холдинг» компанияси ва Ўзбекистон ҳукумати май ойининг охирида Урганчда Самарқанд, Наманган ва Урганч аэропортларини модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида келишув имзолаган эди.

Ўзбекистон томонининг ҳисоб-китобларига кўра, ноябрь ойида 40 йил муддатга тузиладиган концессия шартномасини имзолаш режалаштирилган эди. Кейинчалик, «Коммерсант» газетаси манбаларга таяниб, «Новапорт» ва республика ҳукумати ўртасида лойиҳани амалга ошириш бўйича музокаралар боши берк кўчага кирганини хабар қилди: Ўзбекистон ҳукумати инвесторнинг талабига биноан 30 йил муддатга уларни концессияга беришга тайёр эмас.