Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти жуда кўп миқдордаги фирибгарликда гумон қилинаётган Human хусусий бандлик агентлиги раҳбарларига нисбатан жиноят ишини тергов қилмоқда.

Департамент матбуот хизматининг хабар қилишича, ҳозирда айрим шахслар ижтимоий тармоқларда Human хусусий бандлик агентлиги раҳбари Шохнур Файзуллаевга нисбатан жиноят иши бўйича қамоқ билан боғлиқ бўлмаган бошқа эҳтиёт чораси қўлланилганлиги ва озодликда эканлиги, жабрланувчиларга етказилган моддий зарар ундирилмаётганлигини иддао қилиб, жабрланган фуқароларни ҳукумат идоралари олдида чиқишлар қилишга ундамоқдалар.

«Шу каби даъволар ассосиз ва тўғри эмасдир, дейилади Тергов департаменти хабарида. Дастлабки тергов давомида Шохнур Файзуллаевга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) «а» банди билан айблов эълон қилинган ва «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, ҳозирда у ИИВ ЖИЭББга қарашли 1-сонли Тергов хибсхонасида сақланмоқда.

Жабрланувчиларга етказилган моддий зарарнинг ўрнини қопланишини таъминлаш мақсадида, Шохнур Файзуллаев фирибгарлик йўли билан қўлга киритган пул маблағлари ҳисобидан харид қилинган мол-мулкларни, шунингдек ўзлаштириб юборилган ва сарфланган пул маблағларни аниқлаб, уларни хатлаш чоралари кўрилмоқда.

«Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда, тергов якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», — дея ишонч билдирди Тергов департаменти.

«Шу ўринда ҳурматли фуқаролар сизлардан, расмий ваколатли органлар томонидан тасдиқланмаган турли хил соҳта маълумотлар ва ундовларга ишониб қолмаслигингизни сўраймиз, сабаби йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузганлик маъмурий ва жиноий тартибда жазоланади», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, сентябрда 52 киши жамоавий шикоят аризаси билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилди. Мамлакатнинг турли вилоятларида истиқомат қилувчи фуқаролар 2018 йилнинг ноябридан 2019 йил сентябрига қадар Human агентлиги билан шартнома имзолаган, хусусий бандлик агентлиги уларни Германия, Чехия, Япония, Туркия, Болгария ва Литвага ишга жойлаштириши лозим эди. Ҳар бир аризачидан агентлик шартнома асосида 18 млн дан 35 млн сўмгача, жами эса 1,67 млрд сўм олган. Бироқ улардан ҳеч бирини хорижда иш билан таъминламаган.

Бундан аввалроқ эса Korean аnd Migrations xususiy bandlik agentligi хусусий бандлик агентлиги Жанубий Кореяда ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, 645 кишидан жами 12 млрд сўмни алдов йўли билан олиб, ўзлаштириб юборгани хабар қилинган эди.