Human бандлик агентлиги директори кўп миқдорда фирибгарликда айбланмоқда. Бу ҳақда Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар қилди.

16 сентябрь куни Тошкентнинг Яккасарой тумани ИИО ФМБга жамоавий ариза келиб тушди. Жами 52 кишидан ташкил топган ва республиканинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи аризачилар Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан 2018 йил ноябрь ойида тақдим этилган лицензияга эга бўлган Human бандлик агентлиги билан 2018 йилнинг ноябрь ойидан 2019 йилнинг сентябрь ойигача шартномалар тузишганини маълум қилган.

Шартномаларга кўра, бандлик агентлиги уларни Европа давлатларида, хусусан, Германия, Чехия, Япония, Туркия, Болгария ва Литвада ишга жойлаштириш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Бунинг учун ҳар бир аризачи агентлик ҳисоб рақамига 18 дан 35 миллион сўмгача бўлган миқдордаги маблағни кўчирган. Шу тарзда бандлик агентлигининг ҳисоб рақамига 52 нафар аризачилардан умумий миқдорда 1,67 млрд сўм келиб тушган.

Бироқ аризачилардан ҳеч бири чет элда ишга жойлаштирилмади. МЧЖ жабрланувчиларга пулларни қайтариб бермагани ҳақида Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўзининг расмий сайтида хабар берган.

Терговолди ҳаракатлари Яккасарой тумани ИИО ФМБ ва прокуратураси томонидан ҳамкорликда олиб борилди. Натижада Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси, 4-қисми «а» банди («Фирибгарлик, жуда кўп миқдорда») бўйича жиноий иш қўзғатилди. Ҳозирги вақтда айбланувчи сифатида ушбу агентлик директори 29 ёшли Шохнур Ф. жалб қилинди.

«Агарда сиз ҳам ушбу агентлик ҳаракатларидан жабр кўрган бўлсангиз ёки ушбу иш бўйича маълумотга эга бўлсангиз, 71−230−98−40 рақами орқали мурожаат қилинг», — дейилади ИИББ хабарида.