Ўзбекистонлик аралаш жанглар курашчиси Маҳмуд Муродов UFC спорт ташкилотидаги ўзининг биринчи жангида ғалаба қозонди. Копенгагенда ўтказилган UFC Fight Night 160 турнирида ўзбекистонлик спортчи италиялик Алессио Ди Кирикони мағлубиятга учратди.

Жанг 84 кг гача ўрта вазн доирасида ўтказилди. Биринчи раунд қарийб тенг курашлар остида ўтди, бироқ Маҳмуд Муродов (23−6−0) аниқ зарбалар бўйича Алессио Ди Кирикодан (12−4−0) бир оз устун келди — 14/12. Иккинчи раундда эса устунлик аниқ зарбалар бўйича ўзбекистонлик томонда бўлди — 24/7. Танаффус вақтида Ди Кириконинг мураббийи унга бақириб, яноқларига урди. Италиялик ўзига келди ва сўнгги бўлимда кўпроқ аниқ зарбалар берди. Бироқ, шунга қарамасдан, ҳакамлар ғалабани Муродов ҳисобига ёзди — 29/28, 29/28, 29/28.

«Мен жудаям бахтлиман, ахир тарихга кирдим — ўзбекистонлик илк UFC жангчисиман. Орзуим рўёбга ошди, бунинг учун сидқидилдан меҳнат қилдим», — дея ўзбекистонлик спортчининг сўзларидан иқтибос келтирди UFC.

Маҳмуд Муродов америкалик боксчи кичик Флойд Мейвезер жамоаси аъзоси ҳисобланади. Аввалроқ спортчи UFC билан профессионал шартнома имзолаб, ушбу спорт ташкилотидаги биринчи ўзбекистонлик спортчига айланди.

Айни вақтда спортчи ҳисобида 2016 йилдаги сўнгги мағлубиятдан кейин 12 та ғалабалар серияси мавжуд. Маҳмуд Муродовнинг 23 та ғалабасидан 15 таси нокаут, 3 таси эса рақибининг таслимияти билан тугаган. Аввал у Oktagon ва XFN Европа лигаларида иштирок этган.
Августда Флойд Мейвезер Муродовнинг дунёнинг энг яхши ММА курашчиси деб атади.

Видео