Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида Саид-Абдулазиз Юсуповга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган Саид-Абдулазиз Юсупов Жиноят кодексининг 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168 (фирибгарлик) ҳамда 28 (жиноят иштирокчиларининг турлари) ва 211 (пора олиш-беришда воситачилик қилиш) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Саид-Абдулазиз Юсупов (1982 й. т.) 10 май куни фирибгарликда гумонланиб қўлга олинган эди. Ушланганидан сўнг дарҳол эълон қилинган унинг мурожаатида у босимлар тўғрисида маълум қилди.