10 май куни Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Саид-Абдулазиз Юсупов фирибгарликда айбланиб ушланди, дея хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисм «а» банди (фирибгарлик, жуда кўп миқдорда) бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда Саид-Абдулазиз Юсуповга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилиши масаласи кўрилмоқда.

Бош прокуратуранинг қайд этишича, у аввал ҳам ЖКнинг 168-моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортилган.

Фонд директори ўзини ёлғондан Давлат хавфсизлик хизмати масъул ходими деб билдириб, узоқ вақт давомида фирибгарлик йўли билан одамлардан жуда катта миқдорда пул олгани фактлари аниқланган, дея маълум қилди Бош прокуратура матбуот хизмати.