Есемурат Султамуратович Каньязов Ўзбекистон президентининг 27 августдаги қарори билан адлия вазири ўринбосари — Тошкент давлат юридик университетининг ректори лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram-каналида хабар қилинди.

Ўзбекистон адлия вазирининг 29 августдаги буйруғи билан Есемурат Каньязов Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги директори ўринбосари лавозимига тайинланди.

Есемурат Каньязов (1971 йилда туғилган, Москва давлат автомобиль-йўл институти (1993) ва Қорақалпоғистон давлат университети (1999) битирувчиси) — 2013 йилдан буён ТДЮУ ректори лавозимида ишлаб келаётган эди. 2017 йилнинг 28 апрелида президент қарори билан адлия вазири ўринбосари — Тошкент давлат юридик университети ректори этиб тайинланган.

Аввал у адлия вазирининг биринчи ўринбосари (2011−2013 йилларда) ва вазир ўринбосари (2005−2011) лавозимларида фаолият олиб борган. Адлия вазирлиги тизимида 1996 йилдан буён меҳнат қилади.