Ўзбекистон Президентининг 28 апрелдаги қарори билан Есемурат Каньязов адлия вазири ўринбосари — Тошкент давлат юридик университети ректори этиб тайинланди. Бу ҳақда «Газета.uz"га ОТМдан хабар қилинди.

Аввал хабар қилганимиздек, давлат раҳбарининг «Тошкент давлат юридик университетида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига биноан Адлия вазирлиги тузилмасида адлия вазири ўринбосари — ТДЮУ ректори лавозими жорий этилган эди.

Есемурат Каньязов (1971 йилда туғилган, Москва давлат автомобиль-йўл институти (1993) ва Қорақалпоғистон давлат университети (1999) битирувчиси) — 2013 йилдан буён ТДЮУ ректори ҳисобланади. Аввал у адлия вазирининг биринчи ўринбосари (2011—2013 йилларда) ва вазир ўринбосари (2005−2011) лавозимларида фаолият олиб борган. Адлия вазирлиги тизимида 1996 йилдан буён меҳнат қилади.