19 август куни 15:37 да Бухоро вилояти Жондор туманида А-380 йўлида Mercedes-Benz Sprinter микроавтобуси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар қилди Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Тожикистон фуқароси А. А. га тегишли автомобиль Москвадан Душанбега ҳаракатланиб кетаётган бўлган. Микроавтобус ғилдирак ёрилиши натижасида ағдарилиб кетган. Натижада тўққиз йўловчи жароҳаттланган.

«Уч киши шифохонага ётқизилди. Қолган олти кишини шифохонага ётқизишга ҳожат бўлмади. Уларга ҳодиса жойида тиббий ёрдам кўрсатилди. Бошқа йўловчилар Газлидаги меҳмонхонага жойлаштирилди», — дея хабар қилди матбуот хизмати.

Вазирлик маълумотларига кўра, микроавтобус йўловчилари меҳнат муҳожирлари бўлиб, Россиядан Тожикистонга Ўзбекистон орқали қайтаётган бўлган.