Жорий йил Анқарада Ўзбекистон ва Туркия президентлари раислигида Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади. Бу ҳақда 5 август куни Анқарада Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Чавушўғлу раислигида бўлиб ўтган Қўшма стратегияни режалаштириш гуруҳининг биринчи йиғилишида маълум қилинди, дея хабар берди ТИВ матбуот хизмати.

Давлат раҳбарлари йиғилишига тайёргарлик кўриш доирасида вазирлар сиёсий, савдо-иқтисодий, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини батафсил муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған кенгашини тузиш тўғрисида 2018 йил апрелида Тошкентдаги учрашувда келишилган эди.

Ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари учрашувида турли даража ва шакллардаги Ўзбекистон — Туркия мулоқотининг жадаллашгани мамнуният билан қайд этилди. 22−23-июль кунлари Анқарада бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Туркия Ҳукуматлараро комиссияси йиғлишининг самарали якунларини эътироф этилди. Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликда марказий ўринни савдо-иқтисодий ва инвеститсия алоқалари эгаллаши таъкидланди.

2018 йил якунларига кўра икки мамлакат ўртасидаги ташқи савдо айланмаси 40,5 фоизга ошиб, 2 млрд 172 млн долларини ташкил этди. Жорий йилнинг январь-июнь ойларида мамлакатлар ўртасидаги ташқи савдо айланмаси эса 1 млрд 142,7 млн долларни ташкил этиб, 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 22 фоизга ошди. Туркия капитали иштирокидаги компаниялар сони 50 фоизга ошиб, 1081 тага етди.

Делегациялар раҳбарлари маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратдилар. Туркия томони Самарқандда ўтказиладиган «Шарқ тароналари» XII Халқаро мусиқа фестивалига ва Қўқон шаҳридаги Ш Халқаро ҳунармандчилик фестивалига таклиф этилди. Икки мамлакат илмий ва таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Музокаралар якунида икки давлат ТИВ раҳбарлари раислигида Қўшма стратегияни режалаштириш гуруҳининг иккинчи йиғилишини 2020 йилда Тошкентда ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

Йиғилиш якунида Абдулазиз Камилов ва Мавлут Чавушўғлу Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2020−2021-йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастурини имзоладилар. Ҳужжатда савдо, инвеститсия, туризм, энергетика, транспорт, хавфсизлик, таълим каби долзарб йўналишлар ва бошқа масалалар бўйича ташқи ишлар вазирликлари ўртасида мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказишни ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ҳамкорлик қилиш кўзда тутилади.