Ўзбекистонда шахсни қайта тарбиялаш мақсадида озодликни чеклаш жазосидан кенг фойдаланилмоқда. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Беруний туман суди раиси Зафарбек Ёқубовнинг мақоласида сўз боради.

Мамлакатимизнинг кечиримлилик, бағрикенглик, меҳр-оқибат фазилатларига йўғрилган қонунлари жазоларни мутассил равишда енгиллатиб бориш, шу орқали шахсни тарбиялаш, жумладан, оила ва жамиятдан ажратмаган ҳолда тарбиялашнинг янги ҳамда бутун дунё тан олган демократик усулларини самарали жорий этиш йўл-йўриқларини кўзда тутади. Суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотларининг тобора чуқурлашуви бу йўлдаги изланиш ва қонун ижодкорлиги жараёнларига самарали таъсир кўрсатмоқда.

Демократик жамиятимизда жиноят учун жазо тайинлашнинг енгиллик, кечиримлилик, бағрикенглик каби чораларини назарда тутувчи янгидан-янги қирралари суд-қонунчилик амалиётига қатъият билан жорий этилмоқда. Жиноят ва Жиноят процессуал кодексларининг тегишли моддаларига озодликни чеклаш юзасидан киритилган янги қоида бунинг яна бир намунаси бўлди.

Гап озодликни чеклаш жазоси ҳақида бораркан, шахсни қайта тарбиялашнинг ушбу янги тури қайси кўринишдаги қилмишлар учун кимларга нисбатан ва нималарга асосан қўлланилишини алоҳида тушунтириш зарур. Бунга оид фикр-мулоҳазаларни судда кўрилган бир жиноят иши мисолида эътиборингизга ҳавола этамиз.

Беруний туманининг «Шоббоз» овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшайдиган Достон Байлепесов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳали йигирма ёшга ҳам тўлмаган. Билагида тоғни урса, талқон қиладиган кучи бор. Беруний туманидаги Енгил саноат касб-ҳунар коллежининг 3-босқичида таҳсил олади.

У бўш вақтида баъзан ўқиши ва рўзғор тирикчилиги учун ишлайди.

Достон йигитлик шаънига доғ туширган ўша машъум сана — 2018 йил 29 декабрда ҳам уйида нонушта қилгач, ўзи вақтинча ишлаётган қурилиш майдони томон йўл олди.

Иш пешинда тугади. Бундай пайтда уйда зерикиб ўтиргандан кўра, кўча кезиб, чор-атрофни томоша қилиш гаштига не етсин? Шу боис Достон туман марказида безатилган янги йил арчаси томон йўл олди.

У катта майдонда ярим тунга қадар айланди. Шу аснода қорни очди.

Тенгқур дўсти Умидбекка сим қоқиб, биргаликда тамадди қилишни таклиф этди. Чойхонадаги байрамолди «зиёфат» алламаҳалгача давом этди.

Шундан сўнг Умидбек қўшнисидан изн сўраб, уйи томон кетди. Бироқ Достоннинг ҳали-бери уйга қайтгиси йўқ эди. Ўшанда, 30 декабрнинг изғиринли туни гавжум йўл ва кўчалар одамлар ва уловлардан холи, деярли бўшаб қолди.

Достон якка ўзи ҳамон кўчада сандироқлаб юрарди. Соат миллари тунги соат 3.00 ни қоралади. Шундагина Достонбек уйи сари йўл олди.

Уйига яқинлашганида, кўз ўнгида яқин қариндоши Муҳитнинг қиёфаси гавдаланди. Қариндоши оддий қишлоқ боласи эмас: гижинглаган «Нексия"нинг эгаси.

Муҳитни кўргач, Достоннинг кўнглида аламли ўй-хаёллар пайдо бўлди.

Тун аллақачон ярмидан оққан бўлса-да, Муҳитдан ҳозиргина ўзи қайтган манзилга элтиб қўйишни сўради. У қариндошининг илтимосини ерда қолдирмади. Уни тезда айтилган манзилга етказиб, ортига қайтди.

Яна ёлғиз қолган Достон кўп ҳам хаёлга берилмади. Сокин ва кимсасиз кўча бўйлаб илдам юрганча, катта бозор майдонига етди. Бу ерни ҳам анча кезди. Қиш эмасми, баданига туннинг изғиринли совуғи оралади.

Бир чоғ Достон Олимбой Муҳаммаджоновнинг бозор ҳудудидаги кийим-кечаклар дўкони қаршисида пайдо бўлди. Дилидаги шум ният қалқиб юзага чиқди. Оёғи остидаги катта тош бўлагини қўлига олиб, «иш"га дадил киришди.

Дўкон ойнаси бир пасдаёқ чил-чил синди ва у дўкон ичига кирди…

Достон ўша тунда дўкондан умумий қиймати 3 миллион 385 минг сўмлик 37 та кийим-кечакни ўмарди. Бу иш атиги бир неча дақиқа ичида, гўёки хамирдан қил суғургандай тарзда силлиқ кечди. «Ўғригина бола"нинг бемаврид «ташрифи"ни ҳеч ким кўрмай, билмай, сезмай ҳам қолди.

Нотавон кўнгилнинг тағин жунбушга келиши, ростини айтганда, ўғирликни қўмсаши учун шундай «омил» ҳам етарли экан. Достоннинг туман маркази кўчалари бўйлаб тунги «сайри» яна давом этди. У натижали кечган илк «операция"дан сўнг орадан ярим соат ўтмаёқ, бозор яқинидаги яна бир савдо маскани — заргарлик дўкони қаршисида пайдо бўлди.

Афсуски, бу гал ундан омад юз ўгирди. Дўконнинг ойнаванд эшигини-ку жўнгина синдирди. Лекин ичкаридаги оғир темир эшик умидини чиппакка чиқарди. Дўконнинг енгил пластмасса эшигини бир зарб билан бузиб, унинг соҳибига қарийб 120 минг сўмлик моддий зиён етказган «қаҳрамонимиз» ноилож ортига қайтиб, яна фурсат пойлади.

Ўша қулай фурсат кўп куттирмади. Ўзи ишлаётган мактаб қурилиши ўғирликнинг навбатдаги маконига айланди. Эртаси куни соат 11.00 лар чамаси илм маскани қозонхонаси ёнидан ўтаётиб, унинг қўриқчисиз эканини осонгина фаҳмлади ва шу заҳотиёқ ўзини ичкарига урди. Бу ердан қурилишдаги шериклари томонидан қолдириб кетилган нархи 800 минг сўмлик металл кесиш мосламаси — «Болгарка"ни ўмариб кетди.

Қинғирлик қирқ йил ўтса-да, фош бўлади. Ўзганинг мулкини бошқа биров ҳазм қилиб кетавериши осон иш эмас.

Достоннинг ҳам қилмишлари охир-оқибат ошкор бўлди. Унинг айби Жиноят кодексининг ўғирликни ифодаловчи 169-моддаси 3-қисми «а» банди ва қилмишга суиқасдни назарда тутувчи 25,169-модданинг 3-қисми «а» банди билан малакаланди. Айбланувчи судгача ойнаванд эшикни бузиш натижасида З. Оллабергановга етказилган 120 минг сўм миқдоридаги зарарнигина бартараф эта олди.

Судда эса, айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, агар имкон берилса, қолган икки нафар фуқарога етказилган жами 4 миллион 185 минг сўмлик моддий зарарни ҳалол ишлаб топган пули эвазига қоплаш, шаънига тушган қора доғни намунали ҳаёти, инсонийлик фазилатлари билан ювишга астойдил ваъда берди.

Суд айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, ҳаётнинг тўғри йўлларини ихтиёр этган ўспириннинг ўтинчини, уни жамиятдан, оиласидан ажратмаган ҳолда қайта тарбия¬лашни ўз зиммасига олган ва шу юзасидан кафиллик хати билан мурожаат қилган туман Енгил саноат касб-ҳунар коллежи раҳбариятининг илтимоси, етказилган моддий зиённинг ўрни қопланган тақдирда даъвосидан воз кечиши хусусида кўрсатма берган жабрланувчининг қонуний вакили Д. Муҳаммаджонова ва даъвогар А. Бекматовнинг баёнотини инобатга олди.

Суд томонидан судланувчини оила ва жамиятдан ажратмаган ҳолда тарбиялаш мақсадга мувофиқ, деб топилди.

Шу тариқа Достонга нисбатан Жиноят кодексининг енгилроқ жазо тайинлашга доир 57-моддаси татбиқ этилиб, эълон қилинган ҳар икки модда бўйича жами 4 йил муддатга озодликни чеклаш чораси қўлланилди.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, жиноят ишлари бўйича туман суди жазонинг бундай турини йил бошидан буён жами 3 та жиноят иши бўйича уч нафар шахсга нисбатан қўллади.

Айтиш керакки, дунёда озодликни чеклаш жазосини жорий қилган давлатлар сони унчаям кўп эмас. Қайта тарбиялашнинг бундай таъсирчан ва самарали усули Россия, Буюк Британия, Франция, Италия, Швеция, Швейцария, Испания каби давлатларда бир мунча кенгроқ қўлланилади.

Муқобил жазо тури сифатида жорий этилган ушбу амалиёт мамлакатимиз қонунчилиги тарихида яна бир муҳим янгилик бўлди.

Жазонинг ушбу тури қонунчилигимизга халқимизнинг азалий қадриятлари, турмуш тарзи ва урф-одатларини тўлиқ ҳисобга олган ҳолда киритилди.

Озодликни чеклаш суд томонидан маҳкумга нисбатан яшаш жойини у ёки бу сабаб билан тарк этишни бутунлай тақиқлашдан ёки сутканинг муайян вақтида у ердан чиқишни чеклашдан иборат бўлиб, фақат асосий жазо сифатида қўлланилади. У жиноятларнинг хусусияти ва хавфлилик даражасига кўра, ижтимоий хавфи унча оғир бўлмаган жиноятлар учун — бир ойдан беш йилгача, вояга етмаганларга нисбатан эса, олти ойдан икки йилгача бўлган муддатга татбиқ этилади.

Жазо суд томонидан белгиланган органлар назоратида ўтади. Жазони ўташ шартлари суд томонидан белгиланади.

Суд чеклашнинг хусусиятларини назарда тутган ҳолда маҳкумнинг зиммасига муайян жойларга бормаслик, оммавий ва бошқа тадбирларда иштирок этмаслик, номатлуб фаолият билан шуғулланмаслик, ман этилган буюмларга эга бўлмаслик ёки уларни ўзида сақламаслик, транспорт воситасини бошқармаслик, ваколатли органнинг розилигисиз яшаш ва иш жойини ўзгартирмаслик, тегишли маъмурий ҳудуддан ташқарига чиқмаслик, айрим тоифа шахслар билан алоқа ўрнатмаслик, алоқа воситалари, жумладан, интернет тизимидан фойдаланмаслик, алкоголли ичимликларни истеъмол этмаслик сингари қўшимча тақиқ ва чекловларни ҳам юклайди.

Бундан ташқари суд озодликни чеклашга ҳукм қилинган шахснинг зиммасига ўзи етказган моддий зарарни қоплаш, ишга ёки ўқишга жойлашиш мажбуриятларини ҳам юклаши мумкин. Агар шахс жазони ўташ даврида ўзининг жиноий қилмишларини англаб етган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, етказилган зарарни тўлиқ қоплаган бўлса, суд маҳкумга нисбатан тақиқ ва чеклашларни тўлиқ ёки қисман бекор қилади.

Маҳкум жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган ёхуд суд томонидан зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, озодликни чеклаш жазосининг ўталмай қолган муддатини бошқа турдаги жазо билан алмаштириши мумкинлиги ҳам назарда тутилади.

Эҳтиёж юзага келган ҳолларда эса, маҳкумга нисбатан электрон кузатув тартиби жорий қилинади.

Жиноят-ижроия кодексининг «Озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ижро этиш» деб номланган 8−1-боби ва ундаги 4 та янги моддага кўра, маҳкум яшаш жойидан кетиши, маъмурий ҳудуд доирасидаги жойларга бориши ёхуд ушбу ҳудуддан ташқарига чиқиши учун зурурат туғилган ҳолларда ва доимий яшаш жойини ўзгартираётганида жазони ижро этиш инспекциясига тегишли тартибда мурожаат қилиб, рухсатнома олиши даркор.

Агар маҳкум озодликни чеклаш жазосини ўташ тартиби ва шартларини бузса, жазони ижро этиш муассасаси унга нисбатан огоҳлантириш тарзидаги чорани қўллайди. Мазкур жазони ўташдан қасддан бўйин товланган, шунингдек, суд томонидан шахснинг зиммасига юклатилган мажбуриятлар бажарилмаган ҳолларда жазони ижро этиш органи судга озодликни чеклашнинг ўталмаган муддатини жазонинг бошқа турига алмаштириш тўғрисида тақдимнома киритади.

Хулоса қилиб айтганда, озодликни чеклашга қаратилган ушбу тартиб мустақил жазо тури сифатида суд амалиётидан муқим ва мустаҳкам ўрин олди. Натижада би¬либ-билмаган ҳолда қонун талабини бузган шахсларни турмушнинг тўғри ва равон йўларига бошлаш, жиноий қилмишларни жиловлашда озодликни чеклаш жазоси янада муҳим аҳамият касб этмоқда.