Электр энергияси истеъмоли учун базавий норма ҳажмини белгилаш бўйича таклифларни тайёрлашда оилада яшовчи одамлар сони, шунингдек турар жой майдони ҳисобга олинади, дея маълум қилди энергетика вазирининг биринчи ўринбсари, «Ўзатом» агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов пайшанба куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда.

Аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси аввалроқ 1 январда Тошкентнинг Юнусобод туманида бошланган электр энергияси учун базавий нормани белгилаш бўйича тажриба якунларини ижобий деб қабул қилди. Ҳужжатда энергетика, молия, иқтисодиёт ва саноат вазирликлари ҳамда «Ҳудудий электр тармоқлари» компаниясига бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига табиий газ ва электр энергияси истеъмолининг базавий нормаларини қўллаш механизмлари ва миқдорлари тўғрисидаги таклифларни киритиш топширилди. Бунда бир ойда 250 кВт·соатдан ортиқ (Юнусобод туманида — 300 кВт·соат эди) электр энергиясини истеъмол қиладиган маиший абонентлар учун белгиланган тарифга 1,5 баравардан ортиқ (тажрибада — 1,2 баравар) бўлмаган оширилувчи коэффициент қўлланилиши назарда тутилади.

«Биз таклифларни ишлаб чиқишда сизнинг ҳам таклифларингизни қабул қиламиз: оила аъзолари сони, майдон ҳажми — буларнинг барчаси ҳисобга олинади», — деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.

У нима учун Юнусободдаги тажриба муваффақиятли деб тан олинганига изоҳ берди. Ваҳоланки унинг натижалари фақатгина ярим йиллик маълумотларни ўз ичига олган эди. «Биз истеъмолнинг энг юқори нуқталари — қишки ва ёзги даврни олдик. Ёзда ҳатто қишдагидан кўп истеъмол қилинади».

Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари сўзларига кўра, уй хўжаликларида 300 кВ/с миқдоридаги базавий норма ўртача ҳисобланган маълумотлардан келиб чиққан ҳолда ўрнатилган.

Бош вазир ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров ижтимоий норма тизми ривожлантирилишини қўшимча қилди. У Молия вазирлиги тизимни ривожлантириш режаси эълон қилинишига ваъда берди.