Ўзбекистон ҳукумати 1 январь куни Тошкентнинг Юнусобод туманида бошланган аҳоли учун электр энергияси истеъмолига базавий нормаларни жорий этиш бўйича тажриба натижаларини ижобий қабул қилди. Вазирлар Маҳкамасининг 30 июлдаги «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархлари ва тарифларини ўзгартириш тўғрисида"ги қарорида бу ҳақда сўз боради.

Ҳужжатда энергетика, молия, иқтисодиёт ва саноат вазирликлари ҳамда «Ҳудудий электр тармоқлари» компаниясига бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига табиий газ ва электр энергияси истеъмолининг базавий нормаларини қўллаш механизмлари ва миқдорлари тўғрисидаги таклифларни киритиш топширилди.

Бунда бир ойда 250 кВт·соатдан ортиқ (Юнусобод туманида — 300 кВт·соат эди) электр энергиясини истеъмол қиладиган маиший абонентлар учун белгиланган тарифга 1,5 баравардан ортиқ (тажрибада — 1,2 баравар) бўлмаган оширилувчи коэффициент қўлланилиши назарда тутилади.

Аввалроқ энергетика вазириАлишер Султонов Юнусободда электр энергияси ва газ истеъмолининг базавий нормаларини жорий этиш тажрибаси муваффақиятли якунланганини маълум қилган эди.

«Пул маблағлари тушуми 60 фоизга ошиб, йўқотиш кескин қисқарди. Тажриба ўзини оқлагани учун йил охирига қадар уни Тошкент, қисман Самарқанд, Бухоро ва Жиззахда жорий этиш режалаширилмоқда», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, 15 августдан Ўзбекистонда бензин ва дизель ёқилғиси, газ ва электр энергияси, кўмир, иссиқлик таъминоти ва сув таъминоти, шунингдек жамоат транспорти тарифлари оширилади.