Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд халқаро аэропортида мазкур бандаргоҳни ривожлантиришга оид лойиҳа билан танишди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Давлат раҳбари замонавий бошқарувни жорий қилиш, реконструкция мобайнида эса поезд ва автобуслар қатновини кўпайтириш, аҳоли ва туристларга муқобил қулайликлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди.

Бу ерда яна бир терминал қуриш, учиш-қўниш йўлагини реконструкция қилиш, самолётлар тураргоҳини кенгайтириш, радиолокация тизимларини такомиллаштириш режалаштирилган. Янги аэровокзал эса барча халқаро талабларга жавоб берадиган, соатига 600 йўловчига хизмат кўрсатадиган бўлади.