Fides Solutions Жаҳон банки томонидан компания ва унинг директори Равшан Ризаметовга нисбатан ЖБ томонидан молиялаштирилувчи лойиҳалар бўйича тендерларда иштирок этишдан уч йил муддатга шартли равишда четлаштириш шаклидаги жазо чоралари тайинланганига изоҳ берди.

Fides Solutions ва Равшан Ризаметов олий таълимни ривожлантириш бўйича лойиҳа доирасида бўлғуси шартноманинг имзоланишига таъсир кўрсатишга уриниб, Жаҳон банки ходимига қимматбаҳо буюм (аниқ маълум қилинмаган — таҳр.) таклиф қилган ҳолда коррупцион амалиёт билан шуғулланганликда айбланмоқда.

Жаҳон банки Fides Solutions ва Равшан Ризаметов белгиланган муддатларда вазият юзасидан изоҳ ва жавоб бермагани, шу боис жазо чораси тўғрисидаги қарор қабул қилиниб, 17 июлдан кучга кирганини маълум қилди.

Fides Solutions компания ҳақиқатдан ҳам Жаҳон банки лойиҳаларидан бирининг тендерида қатнашганини тан олди.

«Ҳужжатларни тайёрлаш жараёнида биз ҳамкорлар билан лойиҳадаги нархлар хилма-хиллигини муҳокама қилдик. Баргача маълумки, ўз вақтида хорижий валюталарнинг давлат курси ва банк (биржа) курси ўртасида катта фарқ бор эди. Шу боис тўлов валютасидан келиб чиққан ҳолда лойиҳа учун икки хил нарх таклиф қилинди. Афсуски, валюталар курси билан боғлиқ бундай вазият чет эллик сармоядорларга ҳар доим ҳам тушунарли бўлавермайди ва нархлар ўртасидаги фарқ сабабли тушунмовчилик келиб чиқди», — дейилади хабарда.

Компаниянинг қайд этишича, ЖБдан вазиятга изоҳ бериш бўйича сўров келиб тушган ҳамда «Ризаметов Р. Ва Жаҳон банки ходими ўртасидаги барча алоқалар» тақдим этилган.

«Жаҳон банки сўровига жавоб сифатида Ризаметов Р.дан тушунтириш олинган, унда ЖБ ходими билан мулоқот тафсилотлари келтирилган. Изоҳ ва тушунтириш хати ЖБ бўлимига юборилган, бироқ изоҳимизнинг уларга етиб бормагани кутилмаган ҳолат бўлди. Компания директори вазиятни муҳокама қилишдан манфаатдор ва бу ҳақида ЖБ томонидан муҳокама гуруҳига маълум қилинган», — дейилади Fides Solutions баёнотида.

Хабарда қайд этилишича, орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтиб, компания почта орқали ЖБдан санкциялар жорий этилгани кўрсатилган иш материалларини қабул қилиб олди. Fides Solutions бўлиб ўтган ҳодисадан афсус билдириб, ҳозирда такроран ички текширув ўтказилаётганини маълум қилди.