Жаҳон банки Ўзбекистоннинг Fides Solutions компанияси ва фуқаро Равшан Ризаметовни банк томонидан молиялаштириладиган лойиҳадан уч йил муддатда шартли четлаштириш шаклидаги жазо чорасини қўллади, дейилади ЖБ сайтида.

Fides Solutions ва Равшан Ризаметов олий таълимни ривожлантириш бўйича лойиҳа доирасида бўлғуси шартноманинг имзоланишига таъсир кўрсатишга уриниб, Жаҳон банки ходимига қимматбаҳо буюм (аниқ маълум қилинмаган — таҳр.) таклиф қилган ҳолда коррупцион амалиёт билан шуғулланганликда айбланмоқда.

Fides Solutions ва Равшан Ризаметов белгиланган муддатларда Жаҳон банки билан боғлиқ вазият юзасидан изоҳ ва жавоб бермади, шу боис жазо чораси тўғрисидаги қарор сўзсиз қабул қилиниб, 17 июлдан кучга кирди, дейилади хабарда.

Шартли жазога тортилган субъектллар Жаҳон банки Гуруҳи томонидан молиялаштирилувчи тендерларда яна қатнашиш учун келишилган шартларни бажариши лозим.