Янги Сhevrolet Onix седанини ишлаб чиқаришда маҳаллийлаштириш даражасини 60 фоизга етказиш режалаштирилмоқда. «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Янгиликлар 24» дастурида эфирга узатилган лавҳалар бунга гувоҳлик бермоқда.

«Газета.uz"нинг автомобилсозлик соҳасидаги ахборот манбалари келтириб ўтилган рақамларни тасдиқлаб, маҳаллийлаштириш бўйича кўрсаткичларга 2022−2023 йилларгача эришиш режалаштирилаётганини маълум қилди.

Onix моделида импорт қилинадиган эҳтиёт қисмлар сони 450 тани, маҳаллийлари эса 600 тани ташкил этиши кутилмоқда. Ушбу кўрсаткичлар моделлар кесимида қуйидагича бўлади: Damas — 642 та импорт ва 323 та маҳаллий, Lacetti — 763 ва 283, Spark — 625 ва 288, Nexia — 653 ва 289, Cobalt — 473 ва 417.

«Ўзбекистон 24» канали лавҳаси.

Onix моделида хорижда ишлаб чиқарилган деталлар қиймати 2300 доллар, маҳаллийлари — 4200 долларни, Lacetti — 4319 ва 2938, Spark — 2393 ва 2984, Nexia — 2995 ва 3500, Cobalt — 2656 ва 3488 ҳамда Tracker — 4000 ва 6400 долларни ташкил этади. Қайд этиш жоизки, автомобилнинг якуний нархига логистика, ишчи кучи, банк кредитлари ва бошқа ушланмалар ҳам таъсир кўрсатади.

Намойиш этилган жадвалга кўра, Lacetti автомобилида маҳаллийлаштириш даражаси 38 фоиз, Spark — 49 фоиз, Nexia — 49 фоиз, Cobalt — 52 фоиз, Tracker — 57 фоиз ва Onix — 60 фоизни ташкил этади.

Аввалроқ «Газета.uz» GM Uzbekistan компанияси (ҳозирги UzAuto Motors) қимматбаҳо сегментда учта янги моделдан (Equinox, Traverse ва Trailblazer) ташқари арзонроқ бўлган иккита седан (жумладан Onix) ва кроссовер (янги Tracker) моделларини ишлаб чиқаришни режалаштираётгани ҳақида хабар қилган эди.

Onix моделини ишлаб чиқариш бўйича режалар расман тасдиқлангани йўқ. GM Uzbekistan фақатгина қиймати 10 ва 15 минг доллар бўлган арзон моделларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда бунинг учун 500 млн доллар эвазига ишлаб чиқаришни модернизация қилиш тўғрисида маълум қилди.