GM Uzbekistan учта арзон автомобиль модели — иккита седан ва бир кроссоверни ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда, дея хабар қилди «Газета.uz"нинг автомобилсозлик соҳасидаги ахборот манбаси.

Уларнинг Сhevrolet Onix седани ва янги авлод Tracker кроссовери бўлиши кутилмоқда. Учинчи модел борасида General Motors билан музокаралар олиб борилмоқда.

«У ҳали дунёга тақдим этилмаган янги автомобиль бўлади», — деди ахборот манбаси.

Chevrolet Tracker.

Жорий йил ёзида Хитой бозорида янги арзон Сhevrolet Onix седани ва Tracker кроссоверининг премьерасини ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Аввалроқ GM Uzbekistan нархи 10 ва 15 минг доллар бўлган арзон автомобилларни ишлаб чиқариш устида иш олиб бораётгани хабар қилинган эди.

Бундан ташқари, компания премиум синфига оид учта — Chevrolet Trailblazer, Equinox ва Traverse моделларини ўзлаштиришни режалаштирмоқда.

Шунингдек, компания янги арзон автомобилларни ишлаб чиқариш учун 500 млн доллар, GM Powertrain Uzbekistan автомобиль двигателлари заводини модернизация қилиш учун 250 млн долларлик модернизация ишларини олиб боришни режалаштирмоқда. «Газета.uz» ахборот манбасининг хабар беришича, ушбу маблағларнинг катта қисми арзон моделларни ўзлаштириш учун зарур.