«Навоий» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида Англия ҳуқуқини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон делегациясига раҳбарлик қилаётган адлия вазири Русланбек Давлетов Буюк Британия Адлия вазирлигидаги учрашувда маълум қилди, дея хабар берди Ўзбекистон Адлия вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Делегацияни қабул қилган лорд канцлер ва Буюк Британия адлия вазири Дэвид Гаук Ўзбекистонда Англия ҳуқуқини жорий этишда эксперт кўмагини кўрсатиш ҳамда ушбу соҳада Адлия вазирлиги ходимларини ўқитишга тайёр эканини маълум қилди.

Англия ҳуқуқи прецедентларга (ўзидан кейин содир бўладиган худди шу турдаги воқеаларга намуна, ўрнак бўла оладиган воқеа ҳодиса) асосланади ва судлар томонидан яратилади. Судьялар эшитув жараёнида ҳар бир суд ишида далиллар ва ҳолатларга юридик прецедентларни қўллайди. Халқаро бизнес судларга мақбул ёндашувлар, воситалар ва тамойилларни тақдим этувчи Англия ҳуқуқидан фойдаланади.

Томонлар икки мамлакат ўртасида яқин юридик алоқаларни ўрнатиш учун Ўзбекистон-Британия ҳуқуқ ассоциациясини ташкил этиш масалаларини ҳам муҳокама қилди. Русланбек Давлетов Тошкентда қўшма English Law Week (Инглиз ҳуқуқ ҳафтаси) ҳафталигини ўтказишни таклиф қилди. Дэвид Гаук мазкур ташаббусни илиқ қарши олди.