16 июнь куни Бангладеш президенти Муҳаммад Абдул Ҳамид Ўзбекистонга ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмоннинг сафари Бухородан бошланди, дея хабар қилди ЎзА.

«Бухоро» халқаро аэропортида Бангладеш раҳбари ва унинг ҳамроҳларини Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев ва Бангадеш давлатининг мамлакатдаги фавқулодда ва мухтор элчиси М. Манан кутиб олди.

Хорижлик меҳмонлар Бухорода бўлиш доирасида Нақшбандия тариқати асосчиларидан бири Баҳоуддин Нақшбанд тарихий мажмуасини зиёрат қилади. Шунингдек, улар қадимий Арк қалъаси, Пойи Калон мажмуаси, Лаби Ҳовуз ансамблини томоша қилиши кўзда тутилган.

Аввалроқ, 15 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Душанбедаги ўзига ажратилган қароргоҳда Бангладеш раҳбарини қабул қилган эди. Бангладеш президенти Абдул Ҳамид Душанбедаги ОҲИЧК саммитидан сўнг Ўзбекистон маданий-тарихий марказлари билан танишиш учун мамлакатга ташриф ташкил этилгани учун самимий миннатдорлик билдирди.