Темуржон Комилов халқ таълими вазирининг молиявий-иқтисодий масалалар бўйича ўринбосар лавозимига тайинланди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 март куни бу ҳақдаги қарорни имзолади, дея хабар берди Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.

Темуржон Комилов халқаро иқтисодий муносабатлар йўналиши бўйича Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида 2004 йил бакалаврият ва 2006 йили магистратурани тамомлаган. 2005−2017 йилларда давлат органларида фаолият юритган.

2017 йилдан Ўзбекистон Ҳисоб палатасида ишлаб келган. 2018 йилда у Ҳисоб палатасининг Бюджет тизими бюджетлари шакллантирилиши ва харажат қисми ижро этилишини назорат қилиш шўъбаси бош инспектори лавозимида ишлаб келган.

Темуржон Комилов айни вақтда Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори сифатида фаолият олиб бораётган Атабек Назиров ўрнини эгаллади. Эслатиб ўтамиз, Атабек Назиров январь ойида Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори этиб тайинланган.