Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси сайтида ватандошлар учун мамлакатдаги давлат ва хусусий ташкилотлардаги бўш иш ўринлари бўлими ишга туширилди, дея хабар қилди дипломатик ваколатхона матбуот хизмати «Газета.uz"га.

"Ўзбекистонда бўш иш ўринлари" лойиҳаси Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда юқори малакали мутахассис ҳисобланган ватандошларни ишга жойлаштиришга мўлжалланган.

Бўлимда иш берувчи, фаолият соҳаси, мансаби, ҳудуди, иш изловчига қўйилган талаблар, таклиф этилаётган маош ва боғланиш учун маълумотлар келтирилган. Жадвалдаги маълумотлар ташкилотлардан олинган сўровлар асосида янгилаб турилади.

Ҳозирда бўлимда асосан Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида очилган 115 та бўш иш ўрни келтирилган. Барча номзодлар олий маълумотли бўлиши лозим. Энг кам ойлик 2,3 млн сўмни ташкил этса, энг юқориси 10 млн сўмдан иборат.