14 май куни тоғ курортларини лойиҳалаштириш, қуриш ва бошқариш бўйича жаҳон даражасидаги экспертлар — Жоан Виладомат (Joan Viladomat — Андорра) ва Клод Фор (Claude Faure — Франция) амалий ташриф билан Тошкент вилоятида барпо этилаётган барча мавсумбоп Amirsoy тоғ курортига келади.

Европадаги йирик «Грандвалира» (Grandvalira) тоғ-чанғи курорти эгаси ва бизнинг тоғларимизда жаҳон даражасидаги Amirsoy курортининг бош пудратчиси — PGI Management компаниясининг ўриндошлик асосидаги президенти Жоан Виладомат Ўзбекистонга биринчи маротаба ташриф буюраётгани йўқ.


Жаноб Виладомат бой тарихий меросимиз, меҳмондўстлигимиз ва Ўзбекистоннинг улкан туристик салоҳияти билан яқиндан таниш. Бу сафар у Ўзбекистонга ҳамкасби, машҳур «Куршевель» (Courchevel) француз курорти собиқ президенти Клод Фор ҳамроҳлигида ташриф буюради. «Куршевель» француз Альп тоғларидаги энг оммабоп курортлардан бири эканини эслатиб ўтиш жоиз.

Клод Фор 13 йилдан ортиқ вақтдан буён «Куршевель» курортини ўз ичига олган «Уч водий» (Trois Vallées) бирлашган учиш зонасини бошқариб келади. Тоғ-чанги курортларининг барча рейтингларда энг етакчи учликка кирувчи бундай улкан дам олиш зонасини бошқариш, кенг миқёсли тоғ-чанғи курортларини ишлаб чиқиш, режалаштириш ва илгари суришда катта тажриба талаб этилади. Бош директор лавозимига тайинлангунига қадар Клод Фор Франция ҳукуматида атроф-муҳит ва Европа ишлари масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимида фаолият кўрсатган.


Жоан Виладомат ва Клод Фор ташрифидан кўзланган мақсад Ўзбекистон учун бетакрор бўлган замонавий барча мавсумбоп Amirsoy тоғ курортининг лойиҳаси, унинг қурилиш жараёни, «Чорвоқ» эркин туристик зонаси доирасида келгуси ривожланишнинг истиқболли режалари, Осиё ва жаҳон рейтингларида Ўзбекистон тоғ-чанғи индустриясининг тан олиниш имкониятлари билан танишишдан иборат.

Бундан ташқари, Жоан Виладомат ва Клод Фор қурилиш майдончасидаги жорий вазиятга ўз баҳоларини беради, тоғ чанғиси ва сноубординг бўйича болалар спорт мактабини ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ва аҳоли ўртасида тоғда фаолликнинг ҳаммабоп турлари билан шуғулланишни тарғиб қилиш бўйича кўп йиллик тажрибалари билан ўртоқлашади. Амалий учрашувлардан ташқари, делегация аъзоларининг республиканинг туристик марказлари — Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига ташрифи режалаштирилган.


Amirsoy барча мавсумбоп тоғ курорти ҳақида ахборот:

  • Курорт Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг энг гўзал ва хушманзара жойидаги 900 гектар майдонда, Тянь-Шань тоғлари ғарбий қисмининг Чотқол тизмаси этакларида, Тошкентдан бор-йўғи 65 километр узоқликда жойлашган;
  • Лойиҳа мамлакатимизда туризм ва спортни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга, унинг рўёбга чиқарилишини бевосита Ўзбекистон ҳукумати мувофиқлаштириб турибди;
  • Лойиҳани бошқариш тоғ мажмуалари бизнес жараёнларини бошқариш соҳасидаги етакчи жаҳон компанияси — PGI Management (Андорра)га ишониб топширилган. Унинг ҳисобида Франция, Испания, Ҳиндистон, Аргентина, Туркия, Уммон, Словения, Озарбайжон, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлардаги кўплаб йирик лойиҳалар мавжуд;
  • Amirsoy тоғ курорти тўлиқ ишга туширилгач, тезкор дор кўтаргичлари, сунъий қор ҳосил қилиш тизими, мураккабликнинг барча даражаларидаги тоғ-чанғи трассаларининг кенг кўламли тизими, кўп вазифали марказлар, барча қулайликларга эга шале ва отеллар, ресторан ва барлар, болалар ва катталар учун фаолликнинг хилма-хил турлари, ҳаммом мажмуаси, эко-маршрутлар, кемпинг учун зоналар ва кўплаб бошқа хизматларни ўз ичига оладиган замонавий ёзги ва қишки инфратузилмага эга бўлади;
  • Лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон, Андорра, Туркия, Аргентина, Россия, Австрия, Испания, Франция, Италия, Канада ва Беларусдан мутахассислар жалб қилинган.


Реклама ҳуқуқи асосида.