Тошкентдаги Оҳангарон ва Махтумқули кўчалари кесишмасида Ўзбекистонда қўлланилмаган 3 поғонали йўл ўтказгич қурилиши давом этмоқда. Бугунги кунда ҳудудда туннел қазиш ишлари якунланиб, йўл ўтказгич тирама деворларини қурилиш-монтаж жараёни амалга оширилмоқда, дея хабар қилди «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси матбуот хизмати.

Шу вақтга қадар иншоотнинг эстакада йўл ўтказгичида 6 та таянч қурилиши якунланган, шундан 3 тасига ригеллар монтаж қилинган. Шунингдек, туннел қисми тиргак деворларини кўмиш ҳамда халқа қисмида оралиқ балкаларини ўрнатиш бўйича қурилиш-монтаж ишлари қизғин давом этмоқда. Жумладан, туннел қисми бўйича 85 фоиз, халқа қисми бўйича 70 фоиз, йўл ўтказгич қисми бўйича 35 фоиз бунёдкорлик ишлари бажарилган. Обектда 150 минг куб метрдан ортиқ ер ва 11 минг куб метрдан зиёд бетон ишлари бажарилди.


Фото: railway.uz

Маълумки, мазкур бунёдкорлик лойиҳаси «Кўприкқурилишлойиҳа» УК ҳамда «Боштранслойиҳа» аксиядорлик жамияти мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган. Лойиҳага кўра дастлаб умумий узунлиги 502, кенглиги 26,7 метрни ташкил этувчи туннел қурилади.

Ноёб иншоотнинг ушбу қуйи қисми баландлиги жаҳон стандартларига мос равишда 5,5 метр бўлиб, 6 та автомобил йўлагидан иборат бўлади. Иккинчи босқичда ер сатҳидан 1 метр баландликда диаметри 50 метрни ташкил этадиган доирасимон йўл ўтказгич қуриш ишлари олиб борилади. Учинчи босқичда ушбу ҳудудда Махтумқули ва Шарқий аэропорт кўчаларини боғловчи ўзига хос катта йўл ўтказгич қурилади. Йирик йўл ўтказгич 6 та автомобил йўлакларига мўжалланган бўлиб унинг умумий узунлиги 593, кенглиги 26 метрни ташкил этади.

Мазкур иншоотни жорий йилнинг иккинчи ярмида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.