2018 йил май ойида Тошкентнинг Учтепа тумани ҳокими лавозимига тайинланган Шуҳрат Отамуҳамедов вазифасидан озод қилинди. Бу ҳақда пойтахт маъмурияти «Газета.uz"га хабар қилди.

Бундан ташқари, тумандаги иккита сектор раҳбари — давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ва ИИБ ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи ҳам лавозимидан озод қилинди.

Қайд этиш жоизки, 10 май куни президент Шавкат Мирзиёев Учтепа тумани раҳбарияти ва маҳаллалар раислари, зиёлилар ҳамда мансабдор шахслар билан учрашган эди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, давлат раҳбари туманда саноат ишлаб чиқариши Тошкент шаҳри кўрсаткичидан 2 баробар камлиги, бошқа соҳалар ҳам энг паст даражада эканини кўрсатиб ўтди.

Тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринларини кўпайтириш, ички йўллар ва коммунал тармоқларни таъмирлаш ва ёшлар масаласи бўйича кўп ишлар қилиниши кераклигини қайд этди. Шу мақсадлар учун 61 та лойиҳадан иборат дастур шакллантирилгани, улар ҳали яна кўпайтирилишини таъкидлади.

«Учтепа туманини ҳар томонлама ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилинади. Унга нисбатан аниқ таклифларингизни айтсангиз, бу ҳужжат амалий, фойдали бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Учрашувда аҳоли таклифларини тегишли режаларга киритиш, яқин вақтларда амалга ошириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.