Пойтахт Тошкентдаги янги қурилган иншоотларни кўздан кечириш асносида президент Шавкат Мирзиёев Чилонзор туманида қурилган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжидга ҳам ташриф буюрди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Чилонзор туманидаги Сўгалли ота зиёратгоҳи ёнида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қурилишини бошлатган масжид узоқ йиллар қаровсиз ҳолда қолиб кетган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йили февраль ойида бу ерга келиб, масжидни кенг ва кўркам қилиб қуриш бўйича топшириқлар берган эди.

Бугун 2 гектардан зиёд майдонда улкан мажмуа бунёд этилди. Аввалги лойиҳадаги айвон ўрни ҳам масжид биносига қўшилиб, янада кенгайтирилди. Мажмуадан, шунингдек, конференц-зал, ўқув хоналари, таҳорат хона, музей ва бошқалар жой олган. Йўл бўйидаги Сўгалли ота мақбараси таъмирланган. Бетон қолдиқлари чиқариб ташланиб, кўкаламзорлаштирилган.

Маълумки, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий бўлган. Турли диний-маърифий мавзуларда юздан зиёд китоблар ёзиб, ислом дини моҳиятини тўғри етказиш, одамларнинг билим ва маънавиятини оширишга катта ҳисса қўшган.

Президент бу масжид Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номига муносиб бўлганини таъкидлади. Шайх ҳазратларининг илмий меросини ўрганиш, маърифат ва одоб-ахлоқ мавзуларида кўпроқ китоблар чоп этиш, жамиятимиздаги маънавий муҳитни мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар берилди.